Маданият вазири: Томошабинларимизга маданиятни алифбосидан бошлаб ўргатишимиз керак

янв 25 / 2018

alt

Маданият вазирлиги "Маданият ва маърифат" телеканали билан ҳамкорликда "Маданият алифбоси" кўрсатувини тайёрлаб, эфирга узатишни бошлади. Бу ҳақда маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев журналистлар билан ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазир ушбу кўрсатувга эҳтиёж сабаб нимадалигини айтди.

"Бизнинг томошабинларимизда ҳалигача концерт, спектакль томоша қилиш маданияти талаб даражасида эмас. Биз томошабинни ҳеч гардеробга ўргатолмаяпмиз. Ваҳоланки, театр гардеробдан бошланади, деган гап бор. Концерт ва спектакллар ўз вақтида бошланишини ҳеч йўлга қўёлмаяпмиз. Минг назорат қилсак ҳам бўлмаяпти. Мана шу мақсадларда ушбу кўрсатувни тайёрлашга киришилди", деди Сайфуллаев.

"Ўзимдан мисол қиламан, куни кеча Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг концерти бўлиб ўтди. Хизмат вазифам юзасидан концертларга боришга тўғри келади, ҳофизнинг концертида ҳам бўлдим. Концерт 19 дан 10 дақиқа ўтганда бошланди. Ишонасизми, 19:40 гача томошабин келиши давом этди. Ярим соат ўзини жойини тополмай, бошқаларни ҳам безовта қилиб юришди... Айниқса, аёллар, қайнона-келинларимиз концертга маданий ҳордиқ чиқаргани бормайди, ўзларини қийнагани боради. Чақалоғини олиб келишади, бола йиғлайди, ташқарига чиқади, овутиб қайтиб келади, бироздан сўнг у бола яна йиғлайди, шу билан концертни охиригача ҳам ўзини қийнайди, ҳам бошқаларни", дея қўшимча қилди вазир.

Бахтиёр Сайфуллаев мана шундай ҳолатлар сабаб ҳам одамларимизга маданиятни алифбосидан бошлаб ўргатиш кераклигини қайд этди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *