Икки давлат ўртасидаги урушни тўхтатиб қолган Алишер Навоийнинг қўлёзма асари Россияда намойиш қилинди
07 июн 2018, 10:06 733 кўрилди

alt

Санкт-Петербургнинг қоқ марказида, машҳур Невский проспектида жойлашган Россий Миллий кутубхонаси дунёдаги энг катта ва бой кутубхоналардан саналади. Бу ерда буюк ўзбек шоири Ҳазрат Мир Алишер Навоий қаламига мансуб 25 нодир қўлёзма сақланади. Улар орасида шоирнинг бевосита ҳаётлик даврида кўчирилган қўлёзмалар ҳам учрайди.

XV асрнинг 60-йилларида Навоийнинг шогирдлари томонидан кўчирилган “Илк девон” ҳам ана шундай бебаҳо дурдоналардан биридир. Айрим маълумотларга кўра, XIX аср бошларида бу қўлёзма Эрондаги Қожорлар сулоласи вакили Фатҳалишоҳ кутубхонасида сақланган. 1828 йил февраль ойида Теҳронда кўтарилган қўзғалон туфайли Россиянинг ушбу давлатдаги элчиси, дипломат ва адиб Александр Грибоедов ўлдирилгач, икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар батамом тўхтаб, уруш муқаррар бўлиб қолганди.

Эрон шоҳи урушни олдини олиш мақсадида Россия императорига элчининг хун баҳоси сифатида кўплаб қимматбаҳо совғалар қаторида Алишер Навоий қаламига мансуб ушбу китобни ҳам қўшиб жўнатади. Ушбу бебаҳо совғадан кўнгли тўлган Николай I Эронга уруш очиш фикридан қайтади.

Шу тариқа бундан салкам икки аср муқаддам буюк  бобомизнинг “Илк девон”и минглаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлишига муқаррар урушни тўхтатиб қолган эди. Подшоҳ бу бебаҳо қўлёзмани ўз кутубхонаси ходимларига топшириб, уни муносиб тарзда асрашни буюради. Айни пайтга қадар мазкур китоб Ҳазрат Навоийнинг бошқа ўнлаб асарлари қаторида муносиб сақлаб келинмоқда.

Санкт-Петербургда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, шунингдек, кўплаб давлат, жамоат ҳамда халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи халқаро конгресси доирасида мазкур кутубхонада “Алишер Навоий асарлари XV-XIX асрлар қўлёзмаларида” номли кўргазма ташкил этилди. Унда кутубхона фондида сақланаётган ўнлаб нодир қўлёзмалар намойиш этилди. Музей ходимлари бу қўлёзмаларнинг музейга келиб тушиши ҳақида меҳмонларга сўзлаб беришди.  – Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, балки бутун инсониятнинг буюк шоиридир, - дейди Россия Миллий кутубхонаси илмий ходими Ольга Васильева. – Мен ҳам Навоий ижодига бўлган меҳрим туфайли ўзбек тилини ўрганганман. Навоийни ўз она тилида ўқиб англаш, маъноларини кашф этиш улуғ саодат. Мазкур Конгресс доирасида Навоий асарлари кўргазмасининг ташкил этилиши жуда қувонарли воқеа бўлди. Кўргазмадан Навоий даврида яратилган бошқа бир қатор асарлар ҳам ўрин олган.

Кутубхонага VIII асрнинг биринчи чорагига мансуб “Катта Лангар Қуръони”, Ҳусайн Бойқаро девони” сингари қўлёзмаларнинг Ўзбекистондан олиб келинган факсимиле нусхалари, юртимиздаги тарихий ёдгорликлар эпиграфикаси ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб альбомлар туҳфа қилинди.

alt

Шархлар
Реклама