Art House ҳақиқий "Санъат уйи"га айланди
28 феврал 2018, 21:21 2346 кўрилди

alt

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёш киноижодкорларга устозларнинг билганини иш жараёнида ҳам ўрганиш имкониятини берди. Ёш киночилар германиялик машҳур оператор Макс Тцуи ва ўзбекистонлик истеъдодли ижодкор Жасур Шаметов билан бирга суратга олиш майдонида ишлай бошлашди.

“Art House” лойиҳасининг Жаҳонгир Қосимов бадиий раҳбарлигидаги курси тингловчилари дарс соатларида назарий билимларнигина ўзлаштириб қолмай, балки йирик мега лойиҳада иштирок этишмоқда.

Бугун “Art House” ўз номига муносиб ҳолда ҳақиқий “Санъат уйи”га айланди. Чунки унинг иштирокчилари ҳар бир йўналишда бир ёки икки соат эмас, балки икки ой мобайнида суратга олиш майдонида профессионал ижодкорлардан маҳорат сабоқларини олишади.

alt

Курснинг операторлик иши йўналишида Жасур Шаметовдан соҳанинг сир-асрорларини ўрганаётган ёш киноижодкорлар баҳорнинг илк кунидан ишга туширилаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Кинематографияни ривожлантириш марказининг ҳамкорлигида амалга оширилаётган “SCORPION” триллерининг суратга олиш ишларида қатнашиб боришади.

“Art House” тингловчилари бу имкониятни катта мактаб деб ҳисоблашмоқда.

“SCORPION” суратга олиш майдонида германиялик машҳур оператор, Канн халқаро фестивали ғолиби Макс Тцуидан операторлик сирларини, ўз ишига дид билан ёндашишни  ўрганаётган ёш киноижодкорлар эртанги ўзбек киноси учун малакали кадр бўлиб етишсалар ажаб эмас.

Эслатиб ўтамиз, Макс Тцуи режиссёр Мухлиса Азизованинг бундан аввалги лойиҳаси “Welcome to Bukhara”да ҳам ҳамкорлик қилган эди. Режиссёр ва операторнинг Бухоро ролигидаги ҳамкорлиги “SCORPION”да давом этади. 

Шархлар
Реклама